20.03.2022

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлди.
«Ташриф давомида муассасада аҳолининг сифатли қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш, беморларни зарур қон компонентлари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борада яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Маълумки, коронавирус пандемияси бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам донорлар сони кескин камайишига сабаб бўлди.
Натижада оғир беморларнинг донорлик қонига бўлган талаби сезиларли даражада ошди. Қолаверса, сўнгги йилларда юртимизда ноёб юрак операциялари, инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётларининг йўлга қўйилиши ҳамда хавфли касалликлар диагностикасининг яхшиланиши сабабли сифатли қон компонентларига бўлган эҳтиёж янада ортди.
Биргина мисол. Бугунги кунда битта жигар трансплантация операцияси учун 30 литргача қон плазмаси зарур. Бу компонент эса 120 нафар инсондан олинади. Шунинг ўзиёқ, донорликнинг аҳамияти нақадар муҳим эканини кўрсатади.
Бундан ташқари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, ҳар бир давлат ўз аҳолисининг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар 1000 нафар кишига донорлар сони 30 нафар ва ундан ортиқ бўлиши лозим. Бизда эса бу рақам 5 нафарга тўғри келади», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида
Back to the list