01.07.2026
30.06.2026 Наманган вилоятида "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида илмий-амалий семинар ўтказилди
2026-йил 30-июн куни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази (РИЭИАТМ) директори А.В. Алимов ҳамда директор ўринбосари С.С. Фахрутдинова бошчилигида "Ўзбекистон – 2030" стратегиясини амалга ошириш доирасида Наманган вилояти эндокринологик хизматини 2026–2030-йилларда ривожлантириш мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилди.
Семинарда Наманган вилоятидаги барча ШТБ ва ТТБ раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, оилавий поликлиникалар мудирлари ҳамда РИЭИАТМ Наманган филиали томонидан туманларга бириктирилган кураторлар иштирок этди.
Шунингдек, ЗООМ платформаси орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида фаолият юритаётган тиббий бригада ходимлари, туман эндокринологлари, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларининг координаторлари ҳам семинарга масофадан туриб қатнашдилар.
Семинар давомида қуйидаги долзарб йўналишлар муҳокама қилинди:
Қандли диабет ва унинг асоратларини профилактика қилиш;
Туғма гипотиреоз скринингини такомиллаштириш;
Қалқонсимон без саратонини эрта диагностика қилиш;
Қандли диабет, семизлик ва метаболик синдромнинг олдини олиш ҳамда назорат қилиш;
Йод танқислиги касалликлари профилактикаси;
Катталарда эндокрин касалликларни самарали назорат қилиш;
DMED тизими ва электрон мониторингни ривожлантириш.
Семинар якунида иштирокчиларга "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида эндокринологик хизматни янада такомиллаштириш, касалликларни эрта аниқлаш, профилактик тадбирларни кучайтириш ҳамда замонавий рақамли технологияларни амалиётга кенг жорий этиш бўйича тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.




