03.08.2026
Мўйноқ туманида кенг қамровли тиббий кўрик ўтказилди29–30 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика ишларини кучайтириш мақсадида Тошкент вилоятидан жалб этилган малакали шифокорлар иштирокида кенг қамровли тиббий кўрик ўтказилди.
Тиббий кўрик давомида 300 нафардан ортиқ фуқаро малакали мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилди. Бунда, айниқса, эндокрин ва онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлашга алоҳида эътибор қаратилди. Текширувлар натижасида аниқланган ҳолатлар бўйича фуқароларга зарур тавсиялар берилиб, қўшимча текширув ва даволаниш учун йўналишлар белгиланди.
Шунингдек, шифокорлар туман тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олиб, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ҳамда яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Тадбир доирасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, эндокрин ва онкологик касалликларнинг олдини олиш, уларнинг хавф омиллари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди. Шу билан бирга, маҳаллий шифокор ва ҳамширалар билан учрашувлар ташкил қилиниб, замонавий ташхис ва даволаш усулларини амалиётга кенг жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.




Back to the list